Сурхондарёлик ёш ижодкорга Президент совғаси – “Спарк” автомашинаси топширилди

Давлатимиз раҳбари Сурхондарё вилоятига ташрифлари чоғида Термиз шаҳрида қуриб битказилган янги кўп қаватли уйга кўчиб ўтган Назира Рахимова хонадонида бўлган давлатимиз раҳбари ёлғиз она ҳамда унинг дилбанди Рухшона билан ҳам суҳбатлашилди. Самимий мулоқот чоғида ёш ижодкор Рухшона давлатимиз раҳбарига янги нашрдан чиққан китобини совға қилди. Ўз навбатида билимли, зукко, оқила, юксак иқтидор соҳибига давлатимиз раҳбарининг меҳри тушиб, “Спарк” автомашинаси совға қилишини маълум қилди. Бугун Назира Рахимова хонадонига кенг жамаотчилик вакиллари ташриф буюришди. Президентимиз совғасини -“Спарк” автомашинаси тантанали топширилди.

Шу муносабат билан уюштирилган тадбирда Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов, Ёшлар ишлари агентлиги Алишер Саъдуллаев, Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари Минҳожиддин Мирзажонович, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси Сирожиддин Саййид ва бошқалар иштирок этиб, ўзларининг дил сўзларини изҳор этишди. Таъкидлангидек, мамлакатимизда ёшларга оид давлат сиёсати изчил ва самарали амалга оширилмоқда. Ёшларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, таклиф ва ташаббусларини рағбатлантириш, уларнинг интеллектуал ва ижодий фаолиятларини қўллаб-қувватлашга юксак даражада эътибор қаратилмоқда.

Маълумот ўрнида, Рухшона Абдураззоқова вилоятнинг Денов туманида туғилиб ўсган. Икки йил муқаддам пухта билим олиш, ўз иқтидорини тўлароқ намоён этиш мақсадида онаси билан Термиз шаҳрига кўчиб келганди. Рухшонабону ҳозирда Термиздаги 1-сон ал-Ҳаким ат-Термизий номидаги ёш физик ва математиклар мактаб интернатида таҳсил олмоқда. У ўқиб, ўрганиш баробарида мудом ижодий изланишда. Мақсад сари қатъий интилиши унга ҳамиша омад ва зафар эшигини очиб бермоқда.

Бугунга қадар унинг 2 та китоби нашрдан чиққан. Ёшлар ўртасида ўтказилган кўплаб танловлар ғолиби. Жумладан, 2018 йилда “Ёш китобхон” республика кўрик-танлови вилоят босқичида 10-14 ёшгача бўлган иштирокчилар орасида 1-ўринни эгаллаб, республика босқичида ҳам муваффақиятли қатнашган. 2019 йилда Афғонистон Ислом Республикасида бўлиб ўтган “Kangourou” номли математиклар фестивалида Халқаро сертификат билан тақдирланди.

Унинг шу каби қатор ютуқлари, алоҳида иқтидор ва қобилияти инобатга олиниб, ўтган йили “Зулфия” номидаги давлат мукофоти билан тақдирланди. Бу йил эса Республика “иттифоқ” сардори деган юксак шарафга муяссар бўлди.